ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Тошкентда 6 йил давомида ўзбек тилини ўрганиб, илмий изланиш олиб борган хитойлик тадқиқотчи диссертациясини ўзбек тилида ҳимоя қилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Хабарга кўра, хитойлик тадқиқотчи Да Чжэньсинь Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университетида 6 йил давомида ўзбек тилини ўрганган.
У илмий изланиш олиб бориб, “Ўзбекча ва хитойча мақолларнинг лингвистик тадқиқи” мавзусидаги диссертациясини ўзбек тилида ҳимоя қилди.
Хитойлик тадқиқотчи Да Чжэньсинь диссертациясини ўзбек тилида ҳимоя қилди
Да Чжэньсинь илмий ишини ёзиш жараёнида ўзбекча-хитойча луғат тайёрлади. Бу луғатдан 3 млндан ортиқ сўз ва сўз бирикмаси, шундан 3754 та мақол жой олган.
Луғат ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлган хитойлик ва хитой тилини ўрганмоқчи бўлганлар, таржимонлар учун жуда катта манба сифатида эътироф этилди.
Айтилишича, у сентябрь ойидан бошлаб, Хитойнинг машҳур Шанхай чет тиллари университетида талабаларга ўзбек тилидан дарс беради, ўзбек тилининг, ўзбек маданияти ва адабиётининг Хитойдаги фаол тарғиботчиси ва вакили бўлади.