ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Ўзбекистондаги бозорларда шакарнинг чакана нархи 12 000-13 500 сўмгача тушди ва ҳозирда шакар заводларида 389 минг тн шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда ички бозорларда шакарнинг чакана нархи 12 000-13 500 сўмгача тушган. Йил бошига (13 500 – 14 500 сўмни) нисбатан 10 фоизга пасайган.
“Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари шакар хомашёсини Бразилия давлатидан харид қилишмоқда. Хусусан, 3 июль ҳолатига мазкур заводларда 389 минг тн шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланган”, дейилади хабарда.
Шундан, омборда 3 минг тн тайёр шакар ва 72 минг тн хомашё, август ойига қадар 314 минг тн хомашё етказиб берилади.
Республикада шакар ишлаб чиқарувчи заводлар имконияти
Ҳозирда “Хоразм шакар” МЧЖ ва “Ангрен шакар” МЧЖнинг йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан ортиқ. Корхоналарнинг ички эҳтиёжни (ўртача 650 минг тонна) 138 фоиздан ортиғини қоплаш имконияти мавжуд.
Биржа савдоларига қўйилаётган шакар ҳолати
Бугунги кунда (3 июль) биржа савдоларида кунлик қўйилаётган 2600 тн шакар маҳсулотининг 2100 тн ёки 68 фоизи 1 кг учун ўртача 10 666 сўмдан реализация қилиниб, ўртача бошланғич нархга (11 001 сўм) нисбатан ўсиш 3 фоизни ташкил этмоқда.
Маҳаллий корхоналар томонидан жорий йил январь-июнь ойларида биржа савдоларига жами 336,7 минг тн шакар қўйилиб, улардан 280,1 минг тн (83 фоизи) сотилган.
Июнь ойида шакарнинг 1 тн.си учун ўртача сотилиш нархи спот битимларида 11,5 млн сўмгача (май ойида – 13,3 млн сўм) ўртача 14 фоизга ва форвард битимларида 10,7 млн сўмгача (май ойида – 12,5 млн сўм) ўртача 15 фоизга пасайганлиги кузатилмоқда.
Статистика агентлигига кўра, январь-май ойларида жами йирик корхоналар томонидан 265,1 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган. Мазкур ишлаб чиқариш 2022 йилнинг тегишли даврига нисбатан 2,2 % га ошган.
Май ойининг ўзида йирик корхоналар томонидан 62,7 минг тонна шакар ишлаб чиқарилди.
Январь ойида деҳқон бозорларида шакарнинг нархи (1 кг) 11 000 – 14 000 сўмга тенг бўлган.