Ўзбекистонда илк бор жорий этилган “яшил энергия” сертификати нима учун керак

Эндиликда яшил сертификатлар биржа савдоси орқали маҳаллий ва хорижий ҳамкорларга сотила бошлайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Ўзбекистон энергетика тизимида илк бор ГЭСларда “яшил энергия” сертификатлари жорий этилди. Бу ҳақда "Ўзбекгидроэнерго" хабар берди.
Ўзбекистон энергетика тизимида биринчи бўлиб “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги ГЭСларда “яшил энергия” сертификатлари тизими жорий этилди.
Эндиликда яшил сертификатлар биржа савдоси орқали маҳаллий ва хорижий ҳамкорларга сотила бошлайди.
Айтилишича, 2030 йилга келиб иқтисодиётда энергия самарадорлиги 2 карра оширилиб, қарийб 50 миллиард киловатт соат “яшил энергия” ишлаб чиқарилади. 10 минг километр магистрал ва 110 минг километр ҳудудий электр тармоқлари барпо этилади.
Ҳозирда “Ўзбекгидроэнерго” тасарруфида 53 та ГЭС мавжуд бўлиб, умумий гидроенергетик қуввати 2 225 МВтга тенг. Жамият томонидан йилига 7 млн дона “яшил энергия” сертификатлари биржага савдога чиқарилиши ҳамда талабгорларга тақдим қилиш имконияти мавжуд.
“Бир дона “яшил энергия” сертификати қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда 1000 кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайди”, дейилади хабарда.

Жараён қандай амалга оширилади?

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси томонидан биржа савдоларида “яшил энергия” сертификатларини сотишга мўлжалланган алоҳида “яшил энергетика секцияси” ташкил қилинган бўлиб, spot.uzex.uz сайти орқали “яшил энергия” сертификатларини сотувга қўйиб боради.
Истеъмолчи томонидан “яшил энергия” сертификатларини харид қилиш бўйича ўрнатилган тартибда шартнома тузилади ҳамда шартнома асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, яъни эмитентга гидроелектр станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясига мос бўлган ҳажмда сертификат чиқариш бўйича талабнома юборади.
Ушбу талабнома асосида Эмитент жамият номига “яшил энергия” сертификатларининг ягона электрон платформасида сертификатларни чиқариб беради. Охирги босқичда жамият томонидан сертификатлар Истеъмолчи номига ҳисобдан чиқарилади.

Сертификатларнинг мамлакатга қандай фойдаси бор?

I-REC сертификатлари (“яшил энергия” сертификатлари)ни сотиш мамлакатга экологик масъулият ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишга содиқлигини намойиш этиш имконини беради.
Шунингдек, табиий равишда Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги экологик рейтингини оширади.
Маълумот учун, “Яшил энергия” сертификати (қайта тикланадиган энергия сертификатлари деб ҳам аталади) қуёш, шамол, гидроенэргетика ва бошқа қайта тикланадиган энергия манбаларидан маълум миқдорда энергия ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжатдир.