ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида IT-кластер фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 273-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бўйича таълим бериш ва IT-хизматлар экспортига ихтисослаштирилган Қоракўл IТ-кластери ташкил этилади.
IT-кластер доирасида қуйидагилар фаолиятини йўлга қўйилади:
замонавий инфратузилма, лабораториялар ва илмий-тадқиқот марказларига эга университет;
масофавий IT-хизматлар экспорти маркази;
илмий-тадқиқот марказлари, ўқув лабораториялари ва стартап лойиҳаларни ривожлантириш инкубация маркази.
Бунинг учун 1-босқичда 2023 йил 31 декабргача маъмурий бино, ўқув лабораторияси ва 5 600 ўринга мўлжалланган ўқув бинолари қурилади.
2-босқичда эса 2024 йил 1 сентябргача 1 300 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи, 15 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, 100 ўринга мўлжалланган инкубация маркази, 200 ўринга мўлжалланган масофавий IT-хизматлар экспорти маркази, ошхона, очиқ ва ёпиқ турдаги спорт иншоотлари қурилади.