Автомобилда халқаро ташув учун рухсатнома бериш тартиби белгиланди

Ҳар бир бериладиган рухсатнома учун 82 минг 500 сўм миқдорида йиғим ундирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Автомобилда халқаро ташув учун рухсатнома бериш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 277-сонли қарори билан қабул қилинган тегишли низомда назарда тутилган.
Низомга кўра, рухсатномаларда автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташиш турлари (икки томонлама, транзит ёки учинчи давлатга/дан ташиш) ва улардан фойдаланиш шартлари кўрсатилади.
Рухсатномалар қуйидаги асосий турларга бўлинади:
икки томонлама юк ташиш учун;
транзит юк ташиш учун;
учинчи давлатга/дан юк ташиш учун;
икки томонлама/транзит юк ташиш учун;
икки томонлама қатновларда йўловчиларни номунтазам ташиш учун;
транзит қатновларда йўловчиларни номунтазам ташиш учун;
икки томонлама/транзит қатновларда йўловчиларни номунтазам ташиш учун.
Хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни олиш учун аризани миллий ташувчи ўзининг ЭРИси билан тасдиқлаган ҳолда “Е-авто рухсатнома” ААТ орқали такдим этади ва ариза олинган кундан 1 иш кунида кўриб чиқилади.
Рухсатномани бериш ёки беришни рад этиш “Е-авто рухсатнома” ААТда автоматик тарзда амалга оширилади. Рухсатномалар улар берилган кундан 90 календарь кун ичида ваколатли органга қайтариш шарти билан ташувчиларга берилади.

Ҳар бир бериладиган рухсатнома учун БҲМнинг тўртдан бири (82 минг 500 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Миллий ташувчи томонидан унга берилган рухсатномаларни ёки улар бўйича ҳуқуқлар учинчи шахсларга берилганлиги аниқланган тақдирда, “Е-авто рухсатнома” ААТда автоматик тарзда ушбу ташувчига – 3 ой муддатга, йил давомида қайта аниқланса – 6 ой муддатга барча рухсатномалар берилиши тўхтатилади.