ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Хоразм вилояти Урганч шаҳрининг собиқ ҳокими Шуҳрат Абдуллаев 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.
4 июль куни жиноят ишлари бўйича Хива туман судида судланувчи Шуҳрат Абдуллаевга (1967 йилда Хоразм вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.
Суд ҳукмига кўра Абдуллаев Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми "а" банди ва 229−4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми "а", "б" бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Унга 2 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шуҳрат Абдуллаев 2018-2020 йиллар мобайнида Урганч шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган эди.