Фарғонадаги масжидда фуқаро бошқа бир шахсга пичоқ билан ҳужум қилди — видео

Масжид биносига пешин намозини ўқиш учун кирган икки нафар фуқаро ўртасида ўзаро жанжал юзага келган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Фарғона вилоятидаги Саид Аҳмад Ҳожи жоме масжидида фуқаро бошқа бир шахсга пичоқ билан ҳужум қилди. Бу ҳақда “Почтачи” телеграм канали Бош прокуратурага таяниб хабар берди.
Ҳолат Фарғона вилоятининг Данғара туманида содир бўлган. Қайд этилишича, 15 июль куни масжид биносига пешин намозини ўқиш учун кирган икки нафар фуқаро ўртасида ўзаро жанжал юзага келган.
Масжид таҳоратхонасига кирган 39 ёшли эркакнинг ортидан кирган шериги ёнида бўлган пичоқ билан унинг бош, бўйин ва қорин қисмига бир неча бор уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.
Шундан сўнг у масжидга қўшни бинода жойлашган “Навбаҳор” МФЙ масъуллари олдига кириб, бўлган воқеани айтиб берган. Аниқланишича, икки фуқаро ҳам Қўқон шаҳрида яшайди.
Данғара туман прокуратурасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Вилоят прокуратураси ишни ўз назоратига олган.
Данғара туман шифохонаси шифокорининг сўзларига кўра, айни пайтда пичоқланган эркакнинг аҳволи барқарор.