Бу ўлим ҳукми: иқлимшунос инсоният учун даҳшатли башоратни эълон қилди

Ер юзида ҳароратнинг рекорд даражада кўтарилиши инсоният учун “ўлим ҳукми” ҳисобланади — британиялик иқлимшунос.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Ер юзида ҳароратнинг рекорд даражада кўтарилиши инсоният учун “ўлим ҳукми” ҳисобланади. Бу ҳақда Буюк Британия Империал коллежи қошидаги Грэнтэм атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш институти иқлимшуноси Фридерик Отто “Sky News” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Нашр эълон қилган АҚШ Миллий экологик башорат қилиш маркази маълумотларига кўра, 3 июль, душанба куни ер юзидаги ўртача ҳарорат 17,01°С га етган. Аввалги рекорд 2016 йилнинг августида ўрнатилган бўлиб, дунёнинг ўртача ҳарорати 16,92 даражани ташкил қилган эди.
“Бу биз қувонишимиз мумкин бўлган ҳодиса эмас. Бу инсоният ва экотизимлар учун ўлим ҳукмидир”, — маълум қилди Отто.
Нашрнинг қайд этишича, жорий йилда БМТ иқлим ўзгариши ва океан оқимининг фазалари билан боғлиқ бўлган Эль-Ниньо табиий ҳодисаси туфайли глобал ҳароратнинг ошиши ҳақида огоҳлантирган. Фаза ўзгаришининг ўзига хос хусусияти шундаки, Ла-Ниньада атмосферадан иссиқлик океанга интенсив равишда ўтади, Эль-Ниньода эса оқим океандан атмосферага ўтади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус чоршанба куни маълум қилган хабарига кўра, келгуси ойларда дунёни сув тошқини, бўронлар ва иссиқлик тўлқинлари каби экстремал об-ҳаво ҳодисалари кутмоқда.