"AliBaba" асосчиси Жек Ма Ўзбекистонга келди — ОАВ

Хитойлик магнат 30 июнь куни шахсий самолётда Ўзбекистонга учиб келган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. "AliBaba" асосчиси, хитойлик тадбиркор Жек Ма Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда "Pakistan Observer" нашри хабар берди.
Газетанинг ёзишича, хитойлик магнат Непалдан 29 июнь куни Исломободга етиб келган, 30 июнь куни эса шахсий самолётда Ўзбекистонга учиб кетган.
Нашрнинг аниқлик киритишича, тадбиркорнинг ушбу мамлакатларга ташрифидан мақсади “фақат шахсий” бўлиб, у расмийлар билан учрашмаган ва ОАВ эътиборидан қочган.
Покистоннинг инвестициялар бўйича собиқ давлат вазири Муҳаммад Азфар Асхан ижтимоий тармоқда ёзишича, ҳатто Хитойнинг Исломободдаги элчихонаси ҳам Манинг мамлакатга келишидан хабари бўлмаган.
Жек Мага беш нафар хитойлик, америкалик ва бир нафар Дания фуқароси ҳамроҳлик қилмоқда, дея аниқлик киритмоқда нашр.
Непалда меҳмонлар Катмандунинг диққатга сазовор жойлари, Покистонда Исломободни айланиб чиқишди ва мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Лоҳурга ташриф буюришди.
Хитой ҳукумати мамлакатнинг энг йирик онлайн хизматлари, жумладан, “Alibaba”га қарши кескин чоралар кўра бошлаганида Жек Ма Хитойни тарк этган. Бироқ тахминан бир йил ўтгач, у ватанига қайтиб борган.