Тошкентда “қуёш” энергияси билан таъминланган автобус бекати қурилди — видео

Қуёш энергияси бекатни ёритиш ва автобус жадвалини экранда кўрсатиб туриш учун керак. Тез орада бекатга қувватловчи қурилма ва Wi-Fi ҳам ўрнатилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Тошкент шаҳрининг Миробод туманида қуёш панелида ишлайдиган биринчи автобус бекати ишга туширилди.
Автобус бекати “Шимолий” вокзал ва “Тошкент” метро бекати ёнида жойлашган. Қуёш панеллари бекатнинг томига ўрнатилган бўлиб, бекатнинг ички қисмида қуёш панели учун инвертор жой олган.

“Бу туманда қуёш панели ўрнатилган ягона бекат. Тез орада бекатга қувватловчи қурилма ва Wi-Fi ўрнатилади”, - дея маълум қилди туман ҳокимлиги матбуот хизмати Sputnik мухбирига.

Айтилишича, ишлаб чиқарилган электр энергияси объектни ёритиш ва электрон табло учун ишлатилади.