ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Наманган туман судида 4 туп қимматбаҳо садақайрағоч дарахтини кесган фуқаро нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, 2 март куни Наманган туман Экология бўлими инспекторлари, ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда "Ўлмас" МФЙ ҳудудида профилактик қўшма рейд ўтказилган.
“Рейд давомида фуқаро Б.М. томонидан ёши 100 йилдан кам бўлган 4 туп қимматбаҳо садақайрағоч дарахти кесиб юборилганлиги ва бу орқали ўсимлик дунёсига 326 850 000 сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди”, - дейилади хабарда.
Мазкур фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддасининг 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди бу ишни кўриб чиққан ва ҳукм чиқарган.
Ҳукмга кўра, фуқаро Б.M.га нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси танланган. Бундан ташқари, у 326 850 000 сўм зарарни қоплаши шарт.