Ўзбекистон Бишкекдаги ёввойи ҳайвон ва ўсимликларга бағишланган семинарда иштирок этмоқда

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг манфаатдор жиҳатларини бирлаштириш мақсад қилинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Марказий Осиё давлатлари учун ёввойи ҳайвон ва ўсимликларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича минтақавий семинар бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этмоқда, дейилади вазирлик хабарида.
Семинар Қирғизистон табиат ресурслари, экология ва техник назорат вазирлиги, “TRAFFIC” ҳамда “Fauna and Flora International” ташкилотлари томонидан ўтказилмоқда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти, Қозоғистон Биохилма-хилликни сақлаш ассоциацияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Марказий Осиёда ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган иккита лойиҳа амалга оширилмоқда.
Семинар мазкур лойиҳаларнинг баъзи натижаларини тақдим этиш, минтақадаги ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ноқонуний савдосига қарши курашнинг долзарблиги тўғрисида хабардорликни оширишга қаратилган.
Шунингдек, лойиҳаларнинг тўртта иштирокчиси – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг манфаатдор жиҳатларини бирлаштириш ҳам мақсад қилинган.
Қайд этилишича, семинар 6 июлгача давом этади.