Янги ўқув йили учун ОТМларга қабул квотаси тасдиқланди

Бакалавриат ва магистратуранинг давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларининг таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича тақсимоти тасдиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссиясининг тегишли баёни билан бакалавриат ва магистратуранинг давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларининг таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича тақсимоти тасдиқланди.
Параметрларнинг таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича тақсимланиши:
бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича жами 127 259 та ўрин тасдиқланди. Шундан 34 930 таси давлат гранти, 92 329 таси тўлов-контракт асосида.
сиртқи таълим шакли бўйича жами 49 078 та ўрин. Шундан 42 577 таси ўзбек тили, 6501 та рус тилида.
кечки таълим шакли бўйича жами 11 125 та ўрин. Шундан 9455 таси ўзбек тили, 1670 таси рус тилида.
масофавий таълим шакли бўйича жами 2 825 та ўрин. Шундан 1995 таси ўзбек тили, 830 таси рус тилида.
Магистратура бўйича жами 17 128 та ўрин. Шундан 8938 таси давлат гранти, 8190 таси тўлов-контракт асосида.
Шунингдек, комиссия соғлиқни сақлаш, педагогика, ветеринария ва ижтимоий иш таълим йўналиши учун мақсадли қабул параметрлари тақсимотини тасдиқлади.
Қолаверса, хотин-қизлар учун қўшимча 2000 та давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти тасдиқланди.
Унга кўра:
Қорақалпоғистон Республикаси — 111;
Андижон вилояти — 183;
Бухоро вилояти — 112;
Жиззах вилояти — 81;
Қашқадарё вилояти — 193;
Навоий вилояти — 60;
Наманган вилояти — 165;
Самарқанд вилояти — 227;
Сурхондарё вилояти — 155;
Сирдарё вилояти — 50;
Тошкент вилояти — 177;
Фарғона вилояти — 221;
Хоразм вилояти — 110;
Тошкент шаҳри — 155.
Беш йил иш стажига эга бўлган хотин-қизлар тавсияномага биноан ўқишга қабул қилинади. Улар учун 500 та тўлов-контракт асосидаги квота ажратилган. Хорижий ва нодавлат ОТМда давлат гранти асосида ўқиш учун 1000 та ўрин ажратилган.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча 2 фоизли қабул кўрсаткичлари тақсимоти, Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари учун қўшимча 1 фоизли қабул кўрсаткичлари тақсимоти, Ҳарбий тавсияномага эга бўлганлар учун қўшимча 5 фоизли қабул кўрсаткичлари тақсимоти ҳам тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилидан олий таълим муассасаларига (ОТМ) кириш имтиҳонларини топшириш “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида ташкил этилиши хабар қилинган эди.