ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Жорий йилнинг 5-7 июль кунлари ёмғир ёғиши кутилаётгани сабабли, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет директори Шерзод Ҳабибуллаев маълум қилди.
Сел-сув тошқини ҳодисалари қуйидаги ҳудудларда юзага келиши мумкин:
Тошкент вилояти – Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пскент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида;
Наманган вилояти – Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида;
Фарғона вилояти – Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида;
Андижон вилояти – Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонабод шаҳрида.
“Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз”, - дейди Шерзод Ҳабибуллаев.