Энг кўп хато ёзиладиган сўзлар — рўйхат

“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнининг навбатдаги сонида оммабоп сўзлар, кўп маротаба ва қайта-қайта хато билан ёзиладиган сўзлар жамланган.
Sputnik
Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида бир неча ўнлаб сўзларни хато ёзишга ўрганиб қолинган. Биз бугун айтмоқчи бўлган сўзларнинг қўлланиши хато эканлигини ё биламиз, ё билмаймиз. Бундай сўзлар кундалик нутқда кўп қўлланиши натижасида тўғридай туюладиган, хато эканлиги бир қарашда сезилмайдиган бўлиб қолган, аммо на лексик, на орфографик меъёрларга жавоб беради. Ҳатто айримлари ўзбек тилининг сўз ясалиши, шакл ясалиши қоидаларига мутлақо тўғри келмайди.
I. Ўзбек тилидаги кўплаб сўзлар қандай айтилишига кўра эмас, қоидага кўра ёзилади. Масалан, кундалик нутқда авф, андоза, байналминал деб айтамиз. Бироқ бу хато, чунки афв, байналмилал сўзлари арабча, андаза сўзи форс-тожикча. Улар араб ва форс-тожик тилларида афв, байналмилал, андаза деб ёзилади. Ўзбек тилига ўтгандан кейин ҳам бу сўзларни араб ва форс-тожик тилларидагидек ёзиш қоидалашган.
Қуйидаги жадвалдаги сўзлар ҳам қандай айтилганига қараб эмас, аслият тилида қандай бўлса шундайлигича ёзилади.

Нотўғри шакли

Тўғри шакли

мутахасис

нақорат

тадбиқ

талофат

тақазо

таъқиқ

фидоий

шўъба

ҳашорат

юристконсульт

мутахассис

нақарот

татбиқ

талафот

тақозо

тақиқ

фидойи

шуъба

ҳашарот

юрисконсульт

II. Ўзбек тилидаги бир неча сўзларда қўшимча нотўғри қўлланади. Масалан, бежизга сўзида -га, иложиси ва кўнглиси сўзларида -си қўшимчаси нотўғри ишлатилади, чунки бу сўзларда ушбу қўшимчалар ҳеч қандай вазифа бажармайди. Буни мисолларни қиёслаш орқали тушунтирамиз:
1. Дадам бежизга бундай демади – Дадам бежиз бундай демади.
2. Бунинг иложиси йўқ – Бунинг иложи йўқ.
3. Кўнглиси қолди – Кўнгли қолди.
Юқоридаги гапларнинг иккинчисида айтиб ўтилган қўшимчаларни тушириб қолдирсак ҳам гапнинг мазмуни бузилмайди. Аксинча, мазмун янада аниқлашди. Демак, қўшимчалар ортиқча ишлатилган. Шунинг учун бежиз, иложи, кўнгли деб қўллаш зарур.
III.Ўзбек тилидаги синглиси, она тилиси сўзларида -и ва -си эгалик қўшимчалари кетма-кет қўшилмаса, хато бўлади: сингил+и+си, она тил+и+си. Фикримизни мисоллар ёрдамида тушунтирамиз:
1. Каримнинг сингли мактабда ўқийди – Каримнинг синглиси мактабда ўқийди.
2. Болалар она тилини севиши керак – Болалар она тилисини севиши керак.
Агар синглиси дейилмаса, кимнинг синглиси эканлиги аниқлашмайди.
Ҳозирги ўзбек адабий тилида она тили сўзидаги -и қўшимчаси эгалик қўшимчаси вазифасини бажармай қўйган. Агар эгалик қўшимчаси ўз вазифасини бажарганда она тил деб айтиш мумкин бўлар эди. Ваҳоланки, она тил деб бўлмайди. Она тили десаккина, маъно чиқади. Энди она тилининг кимга қарашлилигини билдириш учун фақат -си эгалик қўшимчасини қўшишимиз керак.
IV. Оммавий ахборот воситаларида энг кўп хато ёзиладиган сўзлар сифатида бўлаяпти, бораяпти, ёзаяпти, кетаяпти кабиларни кўрсатса бўлади. Ҳатто марказий газеталарда ҳам шундай хатоликлар бор. Хўш, бунинг нимаси хато, бинойидек-ку, дейишингиз аниқ. Хато бўл, бор, ёз, кет сўзларидан кейин қўшилаётган -а қўшимчасида. Агар биз бўлаяпти, бораяпти, ёзаяпти, кетаяпти деб ёзсак, битта сўзга замон қўшимчасини икки марта – такрор-такрор қўшган бўламиз. Аслида бу сўзлардаги ҳозирги замон маъносини -яп қўшимчаси ифодалай олади. -а қўшимчаси эса келаси замонники. Битта сўзга келаси ва ҳозирги замон қўшимчаларини қўшиб бўладими?! Албатта, йўқ. Тўғри ёзиш қоидаларига кўра, бўл, бор, ёз, кет каби сўзлардан кейин -а қўшимчаси қўшилмаслиги лозим. Аксинча, бўл+яп+ти, бор+яп+ти, ёз+яп+ти, кет+яп+ти деб ёзсак хато қилмаймиз.
V. Оммавий ахборот воситаларида ва ҳатто расмий ҳужжатларда ҳам чалкаш қўлланаётган эрка сўзлар бор. Қайси дейсизми, мана: ўзгартиш, тегишинча сўзлари. Мазкур сўзлар аслида – шева сўзлари, адабий тилники эмас. Қизиғи шундаки, ўзгартиш ва тегишинча сўзларини асос ва қўшимчаларга ажратиб олиш ҳам қийин. Бу чалкашликларга шерик бўлмай десангиз, ўзгартиш эмас, ўзгартириш деб, тегишинча эмас, тегишлича деб ёзганингиз маъқул.
VI. Бизни баъзан тасаввурларимиз чалғитади. Масалан, ўзбек тилида қатъий ва назар деган сўзлар бор. Айни пайтда қатъи назар деган сўз ҳам мавжуд. Бу сўзларни кундалик мулоқотда ҳам, хат-ҳужжатларда ҳам фаол қўллаймиз. Қатъий сўзи “узил-кесил белгилаб қўйилган”, “ўзгармайдиган” маъносини, назар сўзи “кўз қараши, нигоҳ” маъносини билдиради. Биз ҳар гал қатъи назар сўзини эшитганда, беихтиёр қатъий ва назар сўзлари эсга тушади ва қатъий назар деб ёзишга тутинамиз. Аслида эса ундай эмас: қатъи бутунлай бошқа сўз. Қатъи назар “бирор нарсага боғлиқ бўлмаган”, “бирор нарсага алоқаси йўқ” деган маънони билдиради. Масалан, “Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар ишга чиқамиз” гапидан “Ишга чиқиш-чиқмаслигимиз об-ҳавога боғлиқ эмас”, “Об-ҳавонинг ишга чиқиш-чиқмаслигимизга алоқаси йўқ” деган мазмун ифодаланади.
VII. Ўзбек тилида ғалати машҳур сўзлар бор. Шундай сўзлардан бири – миннатдорчилик. Бу сўз тилда фаол қўлланади, луғатлардан ҳам жой олган. “Ғалати машҳур” дейишимизга асли хато бўлса-да қўлланавериши сабаб бўлди. Ўзбек тили сўз ясалиш қоидаларига кўра, -чилик қўшимчаси касб-ҳунар, иш-фаолият отларини ясайди. Миннатдорчилик сўзи касб-ҳунар оти ҳам, иш-фаолият оти ҳам эмас. Бизнинг фикримизча, миннатдорчилик сўзидаги -чи ортиқча. Шунинг учун бўлса керак, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да миннатдорлик асосий сўз сифатида берилган. Буни битта гапда миннатдорчилик ва миннатдорлик сўзларини қўллаш орқали билиб олиш мумкин. Таққослаб кўринг:
1. Миннатдорлигини билдирди – Миннатдорчилигини билдирди.
2. Миннатдорлик туйғуси – миннатдорчилик туйғуси.
Ғалати машҳур сўзлардан яна бири – кулгу. Бу сўзнинг кулгу шаклида қўлланишга ўтиб кетиши шеърий асарларда қўлланиши билан боғлиқ. Шоирлар вазн талаби, қофия тақозоси билан кулги сўзини кулгу шаклида ёзадилар. Кулгу сўзидаги кўтаринки руҳ, тантанаворлик хусусияти ҳам бунга сабаб бўлган. Бадиий асарларда-ку кулгу деб қўлласа бўлар, шундай ёзган шоирларни-ку тушунса бўлар?! Чунки бадиий асарларда тил меъёрларидан чекиниш кўп кузатилади. Аммо бошқа ҳолатларда кулги деб ёзиш жоиз.