Йил охиригача болаларни МТТга қамраб олиш даражаси 74,5 фоизга етказилади

Бугунги кун ҳолатига болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Жорий йил охирига қадар 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражасини 74,5 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Sputnik'га Мактабгача таълим агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

“2023 йил якунига қадар 92 фоиз 6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш режалаштирилган. Шунингдек, 2025 йилга келиб 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг 100 фоизи бошланғич мактабга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларига қамраб олинади”, – деди Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари – Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин агентлик томонидан ўтказилган очиқ мулоқотда.

Таъкидланишича, бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотларида жами 152 897 нафар раҳбар ва педагог кадрлар фаолият юритмоқда, улардан 34,1 фоизи (52 085 нафар) олий маълумотли.
Маълумот учун, 2023 йилнинг бугунги кун ҳолатига болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилга нисбатан (27,7 %) 2,5 баробарга, яъни 71,8 фоизга, мактабгача таълим ташкилотлари сони 5 211 тадан 29 420 тага етказилди.