ТОШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Жорий йилнинг 11-15 июль кунлари Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида “Туркий тилли ёшлар халқаро фестивали” бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Фестиваль Маданият ва туризм вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Халқаро турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) билан ҳамкорликда ўтказилади.
Унда Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Туркия ва Озарбайжон каби туркий тиллари давлатларидан ҳамда Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидан фаол талаба ва ёшлар иштирок этади.
Фестиваль доирасида бир қатор танлов, мусобақа, тақдимот, учрашув, акция, лойиҳа ҳамда тадбирлар ташкил этилади.
Шу билан бир қаторда, фестиваль доирасида китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари ҳамда маданий-кўнгилочар тадбирлар, ёшлар учун бизнесни ташкил қилиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари, ёшлар билан таниқли театр ва кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари, Ўзбекистондаги элчихона консуллари билан фестиваль иштирокчиларининг учрашувлари ташкил этилади.
Маълумот учун, “Туркий тилли ёшлар халқаро фестивали” 2023 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир маротаба июль ойида ўтказилади.