Мирзиёев "Ялла" ансамблининг ижодий жамоасини мукофотлади

"Ялла" ансамблининг ижодий жамоаси "Эл-юрт ҳурмати" ва "Дўстлик" орденлари билан мукофотланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Шавкат Мирзиёев "Ялла" ансамбли ташкил этилганининг 50 йиллиги муносабати билан 5 нафар ижодкорни мукофотлади.
"Ялла" ансамблининг ижодий жамоасини мукофотлаш тўғрисидаги фармонга кўра, мукофот ўзбек эстрада санъатини ривожлантириш, унинг шон-шуҳратини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, халқлар ўртасида маданий алоқалар, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун берилди.
Қуйидагилар мукофотланди:
"Эл-юрт ҳурмати" ордени билан - Закиров Фаррух Каримович- "Ялла" ансамбли бадиий раҳбари
"Дўстлик" ордени билан - Алиев Аббос Саидович - "Ялла" ансамбли созандаси, Тохтаев Жавлон Рамзитдинович - "Ялла" ансамбли созандаси, Халиков Игор Якубович - "Ялла" ансамбли директори, Халиков Тимур Пулатович - "Ялла" ансамбли созандаси.
"Ялла" ансамбли
Маълумот учун, гуруҳ 1970 йилда ташкил этилган. "Ялла"нинг илк даврдаги репертуари, асосан, халқ оғзаки ижоди – фольклор қўшиқларидан ташкил топган. Унга "Қиз бола", "Мажнунтол", "Бойчечак", "Яллама, ёрим" каби қўшиқлар мисол бўла олади. Ансамблни “Учқудуқ”, “Шаҳрисабз”, “Самарқанднинг мовий гумбазлари”, “Тошкентим – онам”, Голубые купола”, "На востоке”каби қўшиқлари бутун мамлакатга танитди.