Қандли диабет билан касалланганлар сони 2030 йилга бориб икки баравар ортиши мумкин

Олимлар фикрига кўра, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик оқибатида келиб чиқадиган ортиқча вазн қандли диабетнинг асосий омилдир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. 2030 йилга бориб қандли диабет билан оғриган беморлар сони 1,3 миллиард нафаргача етиб, икки баравар ортиши мумкин. Бу ҳақда Буюк Британиянинг нуфузли “The Lancet” тиббий журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларида баён қилинган, деб ёзади Ўзбекистон ССВ матбуот хизмати.
Қандли диабет — тобора яшариб бораётган касаллик. Ҳозир дунёда ярим миллиарддан ортиқ киши ушбу дарддан азият чекмоқда. Улардан катта қисми хасталикнинг 2-турига чалинган.
Нашрнинг қайд этишича, қандли диабет Ер юзи аҳолисининг 6,1 фоизида учрайди. Бу эса ушбу касалликдан ногиронлик ҳолатлари ортишига сабаб бўлмоқда.
Айни пайтда диабетга чалинганлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.
Олимлар фикрига кўра, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик оқибатида келиб чиқадиган ортиқча вазн қандли диабетнинг асосий омилдир.
Боиси касалликнинг 2-тури ривожланишига инсон танасида мушак тўқимасининг камайиб, ёғ тўқимасининг кўпайиши ҳисобланади. Аммо хасталик семиз бўлмаган инсонларда ҳам ривожланиши мумкин.
Қандли диабет асосан оғиз қуриши, чанқаш ва шунга яраша керагидан ортиқча суюқлик истеъмол қилиб, кўп пешоб ажралиши каби белгилар билан намоён бўлади.
Қандли диабетга чалинганлар учун зарарсиз мевалар
Шунингдек, бундай беморларда умумий ҳолсизлик, оёқларда оғриқ ва кейинчалик жароҳатларнинг секин битиши кузатилади. Ортиқча вазни бўлган кишиларда хасталик иштаҳанинг ҳаддан ортиб кетиши билан ҳам кузатилади.