27 июнь куни Франция полицияси Нантердаги йўлда текширув пайтида 17 ёшли ўсмирни отиб қўйди. Полициячиларнинг сўзларига кўра, 17 ёшли ҳайдовчи уларнинг талабини бажаришдан бош тортган. Ўсмир ўлимидан сўнг Франциянинг қатор шаҳарларида тартибсизликлар бошланиб кетди ва мана уч кундирки давом этмоқда.
Ёшлар норозилик билдириб, автомобиль, полиция ва ҳукумат биноларига ўт қўймоқда. Шаҳарларнинг айрим кўчаларида махсус хизмат отрядлари пайдо бўлган, зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланилмоқда.
Маълумотларга кўра, жумага ўтар кечаси намойишчилар Франция бўйлаб 500 тага яқин бино ва 550 тадан ортиқ автомобилни ёқиб юборишган.