ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси Россиянинг Самара вилоятида ўзбекистонликлар иштирокида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот берди.
“Бахтсиз ҳодиса натижасида 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганлигини, 1 нафар фуқаро оғир аҳволда “Большеглушицкая” Давлат тиббиёт муассасасига етказилганлигини маълум қиламиз”, - дейилган хабарда.
Ҳозир қурбонларнинг жасадларини Ватанга қайтариш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, бу масала бош консулхона назоратида бўлиб, Самара вилояти маъмурияти ва масъул идоралари билан доимий алоқа ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, 27 июнь куни Самара трассасида 2 та "Honda Stepwgn" ва "Hyundai Elantra"нинг тўқнашуви оқибатида 6 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди. Қирғизистон ТИВ ҳодиса оқибатида икки нафар Қирғизистон фуқароси ва тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганини хабар қилган эди.