Россияда Қуръонга ҳурматсизлик жиноят ҳисобланади – Путин

Доғистонда Россия президентига Қуръон совға қилинди. Путин бу муқаддас китиб Кремлда ўз ўрнини топишини айтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Россияда Қуръонга нисбатан ҳурматсизлик, бошқа айрим мамлакатлардан фарқли ўлароқ, жиноят саналади ва Россия бу қонунчилик қоидаларига ҳамиша риоя қилади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин маълум қилди.
“Бу мусулмонлар учун муқаддас ва бошқа барча учун муқаддасдир. Биз бошқа мамлакатларда бошқача иш тутишларини биламиз – одамларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилишмайди ва яна бу жиноят эмас деб айтишади”, - деди Путин Дербентдаги (Доғистон) Жума масжидига ташриф чоғида.
“Бизнинг мамлакатимизда бу жиноят – Конституцияга биноан ҳам, Россия Федерациясининг 282-моддасига биноан ҳам. Бу жиноят – ҳурматсизлик ва диний адоват қўзғатиш. Биз ҳамиша бу қонунчилик қоидаларига риоя қиламиз”, - деди Россия раҳбари.
Шунингдек, Путин Россия мусулмонларини Қурбон ҳайити билан табриклади. Дербент Жума масжиди раиси Сеидяҳё Сеидов Россия президентига Қуръон китобини совға қилди.
“Бу совға учун сизга катта раҳмат. У, шубҳасиз, Кремлда ўз ўрнини топади”, - деди Путин.
Аввалроқ 28 июнь куни Швеция пойтахтида полиция рухсати билан Қурбон ҳайитининг биринчи кунида Қуръонни ёқиш акцияси бўлиб ўтган эди. Бу дунё мусулмонларининг қаҳру ғазабига сабаб бўлди. Хусусан, Туркия ТИВ ва Адлия вазирлиги раҳбарлари бу акцияни кескин қоралашди. Марокаш Швециядаги элчисини чақириб олишини маълум қилди.
“Қурбон ҳайитининг илк кунида Швецияда муқаддас китобимиз Қуръони Каримга қарши содир этилган қабиҳ ҳаракатни лаънатлайман. Сўз эркинлиги баҳонасида бундай Исломга қарши бундай ҳаракатларга рухсат берилишини қабул қилиб бўлмайди. Бундай қабиҳ ишларга кўз юмиш жиноятга шерик бўлишни англатади", - деб ёзди Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан Twitterʼдаги саҳифасида.
Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч ҳам муқаддас нарсани ҳақорат қилишни озод фикрлаш ва сўз эркинлигининг бир қисми сифатида кўриб бўлмаслигини маълум қилган.