ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси матбуот хизмати хабар қилди.
Суҳбат аввалида икки давлат етакчилари бир-бирини Қурбон ҳайити билан самимий қутладилар. Ўзбекистон ва Мисрнинг дўст халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари билдирилди.
Жорий йилнинг февраль ойида Қоҳирага олий даражадаги расмий ташриф чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентлар мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик муносабатлари аниқ мазмун билан бойиб бораётганини қайд этишди.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳалари ва саноат кооперацияси дастурларини илгари суриш бўйича таъсирчан чоралар кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Миср етакчилари маданий-гуманитар алмашинувни янада фаоллаштириш муҳимлигини ҳам таъкидладилар.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.