ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси матбуот хизмати хабар берди.
“Давлат раҳбарлари бир-бирини ва қардош халқларимизни муборак Қурбон ҳайити билан дилдан қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этдилар”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, етакчилар суҳбат давомида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишган.
Олий даражадаги келишувларга мувофиқ сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорлик юқори суръат ва самарали тус олгани қайд этилди.
Суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди. Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.