Қурбонлик қандай амалга оширилади — энг муҳим саволларга жавоблар

Қурбонликни ким ва қачон амалга оширилиши керак? Қурбонлик учун танланган жонивор қандай бўлиши керак? Ушбу ва бошқа саволларга батафсил жавоблар билан видеолавҳамизда танишинг.
Sputnik
Қурбон ҳайит арафасида кўпчилик мусулмонларда қурбонлик амалини тўғри бажариш ҳақида пайдо бўлаётган саволларга жавоблар олиш мақсадида Sputnik мухбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Аббос Қосимовга мурожаат қилди.
— Қурбонлик амали кимга вожиб?
— Қурбонлик балоғат ёшига етган, ақли-ҳуши жойида бўлган, мусофир бўлмаган, яъни сафарда бўлмаган мусулмонлар учун вожиб ҳисобланади. Шу билан бирга қурбонлик қилувчи киши закотга қодир, яъни етарлича бадавлат бўлиши керак.
— Қурбонлик қачон амалга оширилади?
— Қурбонлик зулҳижжа ойининг 10, 11, 12 кунларида уч кун давомида амалга оширилади. Қурбонлик ҳайит намози ўқилганидан сўнг бошланиб ҳайитнинг учинчи кун қуёш ботгунига қадар бажарилади.
— Қурбонликка сўйиладиган жонивор қандай бўлиши керак?
— Жонивор рангининг аҳамияти йўқ, ҳадисларда пайғамбар (с.а.в.) оқ-қора аралаш қўчқор сўйилгани айтилган бўлса-да, лекин сўйиладиган қўчқорнинг ранги аҳамиятли эмас. Қурбонликка касал, оёқ-қўли синган ёки жуда озғин ҳайвонлар қурбонликка ярамайди. Ҳайвоннинг думи, қулоғи ёки думбаси кесилган бўлса, унда қараш керак, агар аъзонинг учдан бир қисмидан ками кесилган бўлса ярайди, ундан кўп бўлса қурбонликка ярамайди.
Чўпонлар томонидан белги сифатида қулоғи кесиб ёки тешиб қўйилган ҳайвонларни қурбонликка сўйиш жоиз бўлаверади.
— Қурбонлик қандай тақсимланади?
— Қурбонликка қўй ёки эчкини бир киши номидан сўйиш мумкин, қорамол ёки туяни етти киши шерик бўлиб сўйиши мумкин. Шерикликка сўйилган қурбонликни тарозига тортиб, уни тенг бўлиб олиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Қурбонликка сўйилган ҳайвон гўшти эҳсон қилинади, лекин уни сотиш мумкин эмас.