ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат аҳолисини Қурбон ҳайити билан табриклади. Табрик матни президент сайтида чоп этилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, кейинги йилларда мамлакатда миллий ва диний қадриятларни ривожлантириш, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мўмин-мусулмонлар учун яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар туфайли мана шу Қурбон ҳайити кунларида 15 минг нафар ўзбекистонлик Маккаи мукаррамада ҳаж зиёратини адо этмоқда.
“Уларнинг барчасини бугунги улуғ айём билан қутлаб, Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, оилаларимиз, фарзандларимизнинг бахту иқболини тилаб қилаётган дуолари ижобат бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. Ҳеч шубҳасиз, кўп миллатли ва кўп конфессияли халқимизнинг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, гўзал юртимизни ягона Ватан деб биладиган барча миллат ва элат вакилларининг урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришга биз бундан буён ҳам алоҳида аҳамият қаратамиз”, - дейилган табрикда.
Мирзиёев биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Янги Ўзбекистон, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро тинч-осойишта, эркин ва фаровон яшайдиган, том маънодаги дўстлик ва бағрикенглик диёрига айланишига ишонч билдирган.
“Мана шу мунаввар лаҳзаларда дунёнинг узоқ-яқин ҳудудларидаги барча мўмин-мусулмонларга самимий табрикларимизни йўллаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик ва тараққиёт тилаймиз”, - дейилади давлат раҳбари табригида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бу йил Қурбон ҳайити 28 июнь куни нишонланади. Ўзбекистонликлар байрам муносабати билан кетма-кет 5 кун дам олишади.