Мирзиёев оммавий ахборот воситалари ходимларини табриклади

Президент оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш бундан буён ҳам давлат эътибори марказида бўлиб қолишини урғулаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан табрик йўллади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, кейинги йилларда мамлакатда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар натижасида оммавий ахборот воситаларини эркин фикр минбарига, халқ манфаатларининг фаол ҳимоячисига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин, ижтимоий муҳит яратилди.
“Биз мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласини инсон қадрини улуғлаш, демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми деб биламиз”, - дейилади президент табригида.
Янгиланган Асосий қонунда ушбу йўналишдаги конституциявий қоидалар янада мустаҳкамлаб қўйилгани бу борадаги саъй-ҳаракатлар бардавом эканини кўрсатади.
“Биз жамият ҳаётида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, бюрократия ва коррупция каби иллатларга қарши курашишда, аввало, сиз ҳурматли журналист ва блогерлар, айниқса, миллий медиа маконимизга янги ғоя ва ташаббуслар билан кириб келаётган истеъдодли ёшларимизга таянамиз”, - дейилган табрикда.
Мирзиёев оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш бундан буён ҳам давлат эътибори марказида бўлиб қолишини урғулаган.
Президент матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаган. Тақдирланганларнинг тўлиқ рўйхати билан қуйида танишиш мумкин.