Жиззахда оммавий заҳарланиш содир бўлди - тафсилотлар

Фуқароларга “Ўткир диарея” овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилиб, тиббий муолажаларни амалга ошириш учун барчаси шифохонага ётқизилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Жиззах шаҳридаги ошхоналарнинг бирида 57 нафар фуқаро овқатдан заҳарланди. Уларнинг 46 нафари қониқарли аҳволда, дея хабар берди вилоят прокуратураси.
Қайд этилишича, 25-26 июнь кунлари 57 нафар фуқаро вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ич кетиш ва тана ҳарорати кўтарилиши шикоятлари билан мурожаат қилган.
Дастлабки лаборатория текшируви хулосасига кўра, фуқароларга “Ўткир диарея” овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилиб, тиббий муолажаларни амалга ошириш учун барчаси шифохонага ётқизилган.
“Беморларнинг 11 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган, 46 нафари қониқарли аҳволда эканлиги маълум бўлган”, дейилади хабарда.
Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилаётган терговга қадар текширув давомида беморлар Жиззах шаҳридаги ошхоналарнинг бирида овқатланганлиги аниқланди. Ҳодиса жойидан олинган озиқ-овқат маҳсулотларининг намуналари бўйича ва барча беморларга нисбатан тегишли экспертизалар тайинланиб, соҳа мутахассислари жалб этилган.
Вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари устидан назорат ўрнатилган.