Туркия билан халқаро юк ташувлар тўлиқ электрон рухсатнома тизимига ўтказилади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон (E-permit) алмашиш тизимига босқичма-босқич равишда тўлиқ ўтиш бўйича келишувга эришилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги халқаро юк ташувлари босқичма-босқич равишда тўлиқ электрон рухсатнома тизимига ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, Истанбул шаҳрида халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича Ўзбекистон – Туркия қўшма комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда халқаро автомобиль ташувларининг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Томонлар ўрта йўлакни ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда халқаро автомобиль ташувлари учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.
Юк ташувларини амалга ошириш учун рухсатнома бланкаларини алмашиш квоталари белгиланди.
Шунингдек, юк ташувлари жараёнини жадаллаштириш мақсадида мамлакатлар ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон (E-permit) алмашиш тизимига босқичма-босқич равишда тўлиқ ўтиш бўйича келишувга эришилди.