Бу қизиқ: ўзбек миллий болалар ўйинларини биласизми?

“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнининг навбатдаги сони анъанавий болалар ўйинларига бағишланган.
Sputnik
Бугун биз ўта замонавийлашган дунёда яшаяпмиз. Турмушимизнинг асосий қисми гаджетларга боғланиб қолган. Бугун кўча-кўйда тўп тепаётган, бир-бири билан эшакминди ўйнаётган болаларни кам кўрамиз. Аксинча, қўлидаги телефонга мук тушиб ниманидир кўраётган, виртуал ўйинларга андармон бўлиб ён-атрофига бефарқ болаларни кўп кўрамиз. Бу болалар 15-20 йиллар аввал ўз ака-опалари ўйнаган миллий ўйинлармизни билармикан? Бу галги мақоламизда энг кўп ўйналадиган миллий ўйинларга тўхталамиз.

Ланка

Миллий болалар ўйини ва шу ўйин анжоми номи. Бу ўйиннинг яна бир номи – қарабтеп. Ланка сўйилган мол, қўй терисидан думалоқ кесиб олиниб, жунсиз томонига шунга мос қўрғошин ёки тангани ип билан маҳкамлаб тайёрланади. Бу анжомни болалар оёқнинг ич ёки ташқи томони билан ким кўп ерга туширмай тепиб ўйнашади. Ланка ҳавода оёққа яқинлашаётганда бола ланкани қандай тепиш кераклиги ҳақида тезда бир фикрга келиб, тепиш турини танлайди ва керакли ҳаракатларни бажаради.

Жонкуяр

Қизлар икки томонда туриб олиб, ўртадаги дугонасини тўп билан уриб сафдан чиқаришдан иборат ўйин номи. Андижон томонда бу ўйин лопта дейилади. Ўртага чиққан қиз дугоналари отган коптокни ё илиб олиб “жон” йиғиши, ё коптокка чап бериши керак. Улоқтирилган тўп илиб олинмаса ёки тўп баданнинг бирор жойига тегса, йиғган “жон”и куяди – бекор бўлади ва ўйиндан чиқади. Шунинг учун жонкуяр дейилган.

Тўптош

Данакдек-данакдек тошчани бехато отиб-илиб маррага тўплашдан иборат қиз болалар ўйини ва унинг номи. Бу ўйинда тошчалардан бирини отиб иккинчиси эпчиллик билан маррага суриб қўйиш керак бўлади. Ўзи отган тошчани илиб олмаган қиз гални дугонасига ўтказади. Ўйин тошчаларни ким тез маррага йиғиб бўлгунча давом этади.

Қулоқчўзма

Тўй, ҳайит ва бошқа сайилларда ўғил болалар иштирокида ўтадиган ўйин. Ўйинни баковул – катта ёшли киши бошқаради. У рўмолчага пул ёки бошқа совринни тугиб юқорига отади. Болалар эпчиллик билан уни илиб олади ва қочиб кетади. Илиб олган бола тенгдошларига тутқазмай маррага етиб бориши керак. Агар тенгдошлари етиб олса, уни қулоғидан чўзиб совринни беришга мажбур қилади. Шунинг учун қулоқчўзма дейилади.

Холакам

Қиз болаларнинг меҳмон-меҳмон ўйини. Қўқон ва атроф туманларида бу ўйин холакам-холакам деб аталади. Бу ўйинда қизчалар бир нечаси меҳмон, бири мезбон ролини бажаради. Мезбон қиз меҳмонни кутиб олиши, меҳмон қилиши ва кузатиб қўйиши керак. Холакам ўйини қизларда меҳмон кутиш одобини тарбиялайди. Ўйин якунида қизларнинг ўзи ким яхши меҳмон кутганини аниқлайдилар.

Бекинмачоқ

Яширинган болаларни қидириб топишдан иборат болалар ўйини. Шунга ўхшаш ўйин Фарғона водийсида яшинтопалоқ дейилади. Яшинтопалоқ кечқурун ўйналиши билан бекинмачоқдан фарқ қилади. Бекинмачоқда эпчиллик билан яшириниш зарурлиги учун бекинмачоқ дейилган. Яшинтопалоқда яшириниб олган ўртоқларини зийраклик кўрсатиб топиш кераклиги учун яшинтопалоқ деб аталган.

Иннана

Узун ёғоч ёки тахтани бирор ғўла устига мувозанатли ўрнатиб, икки бошига икки киши ўтириб олиб, навбат билан кўтарилиб-тушиб ўйналадиган болалар ўйини ва шундай мосламанинг ўзи.

Ажи-ажи

Болаларнинг ўзларидан кичик болаларга “ажи”, “ажи” деб ўйнайдиган ўйини. Бунда каттароқ бола юз-кўзини икки қўли билан тўсиб, кейин очади. Ана шу пайтда “ажи”, “ажи” деб кичикроқ болани кулдириб ҳайрон қолдиради. Ўйин номи унда айтиладиган сўздан олинган.

Визвизак

Тугма ёки бошқа нарсадан ип ўтказиб, икки қўл бармоқларидан бирига ўрнатиб, икки ёнга тортиш ва бўшатиш билан виз-виз товуш чиқартириб ўйналадиган болалар ўйини. Бу ўйин айрим жойларда бизбизак деб аталади. Бу ўйин анжомидан чиқадиган товушни “виз-виз” деб эшитганлар уни визвизак деб атаганлар. Аксинча, ўйин анжомидан чиқадиган товушни “биз-биз” тарзида эшитганлар бизбизак деб номлаганлар. Аммо иккаласи ҳам битта ўйин тури.

От-отакам

Бир бола иккинчи боланинг этагидан ушлаб от қилиб ёки ёғоч от миниб чопишдан иборат болалар ўйини. От-отакам ўйинини 6-7 ёшли ўғил болалар эрта баҳорда ўйнаган. Бу ўйинда болалар тол ёки тут новдасини от калласига ўхшатиб эгиб олади ва уни от қилиб миниб юрадилар. От-отакам дейилишига шу сабаб бўлган.

Пақпақ

Болаларнинг бир бўлак лойни пиёла шаклига келтириб, тўнтариб ерга уриб пақиллатиш ўйини. Қўқон тарафларда бу ўйин лойпорсилдоқ дейилади. Кўпинча ёз ойларида ўйналади. Лойни ерга урганда чиқадиган овоз “пақ” ёки “порс” деб эшитилганлиги учун пақпақ ёки лойпорсилдоқ дейилган.

Ҳаммомпиш

Ўғил ва қиз болалар нам тупроқни ёки лойни ҳаммом шаклида гумбаз қилиб ўйнайдиган ўйин. Болалар лой обдон пишиши учун хамирдек муштлайдилар. Лой силлиқ бўлиб етилгач, ўйин учун тайёр бўлган ҳисобланади. Болалар лойни пишириб ҳаммом қургани учун ҳаммом пишҳаммом қур дейилган. Г.Мардонованинг ёзишича, бу ўйинни қизлар ўйнаганда ўйинни онабоши бошқаради. Онабоши қизчаларга лойдан зувала тайёрлатади. Кейин қуйидаги шеърни айтган: Томга чиқдим тарози қурсин, Манави қизнинг арози қурсин. Қизил кўйлак томдан туш, Зувалангдан ҳаммом пиш. Пиш сўзи кимга тўғри келса, ўша қиз четга чиқиб туради. Шу тарзда шеър айтилиб, пиш сўзи тўғри келган қиз даврадан чиқаверади. Охирида қолган қиз: Қизил қиз томдан тушибди, Хамирим, хамир пишибди, деб қўлидаги лой зуваласини бор кучи билан ерга уради. У пақиллаб гумбаз шаклида тушиши ва бош томонидан лой сачраб, оғзи очилиши керак. Агар бундай бўлмаса, қиз ўртоқлари айтган шартни бажаради. Бунда шеър, ашула айттирилади ёки уй-рўзғор ишлари бажартирилади. “Ҳаммомпиш” ўйини кулоллар ҳаётидан олинган бўлиб, ўйин болаларнинг қўллари уқувли бўлишига ёрдам беради.
Бу болалар ўйинини бошқа жойларда хоммапиш ҳам деб аташади. Бу ўйинда болалар кўча тупроғини гумбаз қилиб уйиб, устидан сув сепиб қотиргач, тепаси ва ёнларидан тешик очиб, ичига олов ёқиб ўйнайдилар.

Эшакминди

Беш нафар ўғил бола иштирокида ўтказиладиган ўйин. Бунда тўртта тўптош олинади ва икки-уч метр масофадан чуқурчага отилади. Битта тоши тушган бола “эшак”, иккита тоши тушган бола “от”, учта тоши тушган бола “вазир”, тўртта тоши тушган бола “подшоҳ” бўлади. Шунда вазир эшакни, подшоҳ отни минади. Ҳали тўптош отмаган бешинчи бола эса ўйинни қайта давом эттиради. Тошкентда шунга ўхшаш ўйин эшак-эшак дейилади. Жиззахда бу ўйин ўн бир бола иштирокида ўйналади.

Чиллак

Битта узун, битта калта таёқ билан ўйналадиган болалар ўйини. Чиллак ўйинида керак бўладиган икки таёқнинг калтаси чиллакбола, узуни чиллакона ёки чиллаксоп дейилади. Чиллакона ва чиллакбола тол шохидан тайёрланмаса тезда синиб кетади. Бу ўйинда чуқурчада турган чиллакболани чиллаксоп билан уриб маррага етказиш талаб этилади. Маррага етказолмаган болага бирор шарт айтилади. Масалан, “нафас олмай зувиллаб келиш”, “бир оёқда сакраб келиш”, “қурбақадек юриб келиш” ва бошқа шартларни айтиш мумкин.