Туркияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди

Тадбир доирасида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон каби шаҳарлар бағрида жойлашган тарихий қадамжолар ва осори-атиқалар акс этган суратлар кўргазмаси ташкил этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Туркиянинг Бурса шаҳрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини намойиш этишга бағишланган тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбир Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консуллиги ташаббуси билан ўтказилди.
Унда Туркия Маданият ва туризм вазирлигининг Бурса шаҳри бўлинмаси раҳбари Камил Ўзер, Бурса Савдо-саноат палатаси бошқаруви кенгашининг аъзоси Эрол Қилич ҳамда 20 дан ортиқ сайёҳлик агентликлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланишича, тадбир доирасида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон каби шаҳарлар бағрида жойлашган тарихий қадамжолар ва осори-атиқалар акс этган суратлар кўргазмаси ташкил этилди.
Шунингдек, “Табаррук зиёрат” туризм концепцияси, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий ва Бурҳониддин Марғиноний каби машҳур уламоларнинг Ислом дунёсидаги ўрни ҳақидаги маълумотлар ҳам тадбир иштирокчиларига тақдим этилди.
Шу билан бирга, Туркиядан Ўзбекистонга борадиган сайёҳлар учун яратилган қулай имкониятлар, сайёҳлик йўналишлари, жумладан, икки томонлама мунтазам авиақатновлар йўналишларини диверсификациялаш ва уларнинг сонини ошириш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилди.
Учрашув якунида Ўзбекистонга туркиялик сайёҳлар сонини янада кўпайтириш бўйича муҳим тавсиялар шакллантирилгани баробарида хусусий сайёҳлик агентликлари билан Туркиянинг узоқ ва яқин ҳудудларидан зиёратчиларнинг уюшган ҳолдаги сафарларини амалга оширишга келишиб олинди.