Ўзбекистон бўйлаб “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди — фото

Оммавий югуриш мусобақасида республика бўйича жами 60 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Бугун бутун Ўзбекистон бўйлаб 23 июнь – Халқаро Олимпия куни ҳамда 30 июнь – Ёшлар кунига бағишланган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Тадбир Ўзбекистоннинг 16 шаҳрини қамраб олди. Тошкент шаҳридаги баҳслар ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Қайд этилишича, ушбу мусобақада Ўзбекистон вакилларидан ташқари қўшни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан ташриф буюрган спортчилар, қолаверса, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари ҳам иштирок этди.
Оммавий югуриш мусобақасида республика бўйича жами 60 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Улар орасида 17 мингга яқин талабалар, шунингдек, ҳарбий ўқув юртларининг курсантлари ва битирувчиларидан иборат Ватан Қалқони ҳарбий-ватанпарварлик гуруҳи ҳам бор.
Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд, Нукус шаҳарларида 1 миля (1609 метр) ва 3 км, Андижон, Гулистон, Нурафшон, Жиззах, Термиз, Навоий, Қоровулбозор, Қарши, Урганч ва Ғузор шаҳарларида 3 км масофада баҳслар бўлиб ўтди.
“Ҳумо арена” мажмуасининг олдидаги майдон мезбонлик қилган Тошкент шаҳридаги баҳслар эса 1 миля, 3 км ва 10 км масофаларда ташкил этилди.
Бугун кечки дастурда Тошкент шаҳридаги “Миллий боғ” масканида пойтахтда ўтган мусобақанинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.