ТОШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Qatar Airways авиакомпанияси Дохадан Тошкентга мунтазам парвозларни бошлайди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги.
Транспорт вазири Илхом Махкамов Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим билан учрашди.
Учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масаласини муҳокама этишди.
Элчи жаноблари "Qatar Airways" авиакомпанияси Доха – Тошкент – Доха йўналишида авиақатновларни амалга ошириш бўйича компания ички тартибларини ишлаб чиқаётганини маълум қилди.
Томонлар ушбу жараёнлар якунлангач, парвозларни амалга ошириш бўйича мавжуд талаб ва қоидалар юзасидан музокаралар ўтказишга келишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қатар фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Фармонга кўра, Қатар фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди.