Покистон билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битим ратификацияси оид қонун маъқулланди

Таъкидланишича, ҳарбий-техникавий соҳадаги ҳамкорлик икки давлат қуролли кучларининг мудофаа салоҳиятини янада ошириш ва минтақавий хавфсизлик асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари ўртасидаги ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бу ҳақда парламентнинг юқори палатаси ахборот хизмати хабар қилди.
Битим 2022 йил 3 март куни Исломободда имзоланган.
Мажлисда битимнинг асосий мақсади тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойили асосида икки мамлакат ўртасида ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш экани қайд этилди.
Сенаторлар ратификация қилиш учун тақдим этилган битимнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий-техникавий соҳадаги ҳамкорлик икки давлат қуролли кучларининг мудофаа салоҳиятини янада ошириш ва минтақавий хавфсизлик асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди.