Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирлари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди

Вазирлар ҳарбий-техник соҳалардаги муносабатларни янги босқичга кўтаришга келишиб олишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ва Туркия миллий мудофаа вазири армия генерали Яшар Гюлер ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, суҳбат аввалида Қурбонов туркиялик ҳамкасбини бу лавозимига тайинланганлиги билан табриклаган.
Мулоқот давомида вазирлар икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболдаги режаларни муҳокама этишди.
Икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги муносабатларни янги босқичга кўтариш, жанговар тайёргарлик ва ҳарбий таълим йўналишларида алоқаларни янада жадаллаштиришга келишилди.
Суҳбат якунида Ўзбекистон мудофаа вазири Туркия миллий мудофаа вазирини Ўзбекистонга таклиф қилди.