Термиз халқаро аэропортида диспетчерлик минораси қурилмоқда

Объект қурилиши ишларини якунига етказиш муддати лойиҳа бўйича 2024 йил апрель ойига мўлжалланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Термиз халқаро аэропортида ҳаводаги ҳаракатни бошқариш (ҲҲБ) диспетчерлик минораси қурилиши ишлари бошланди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги.
Уни “O‘zaeronavigatsiya” маркази қурмоқда. Қурилиш жараёнида маъмурият учун 2 қаватли янги бино ва ҲҲБ диспетчерлари учун минора барпо этилиши режалаштирилган. Икки қаватли бино узунлиги 24 метр, кенглиги 15 метр ва минора баландлиги 20 метрни ташкил этади.
Объект қурилиши ишларини якунига етказиш муддати лойиҳа бўйича 2024 йил апрель ойига мўлжалланган.

"Ушбу бино келажакда ҳаводаги ҳаракатни бошқаришни янада сифатли амалга ошириш ҳамда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат қилади", - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Термиз халқаро аэропорти реконструкциядан сўнг яна ишга туширилганди. Қайта қуриш доирасида узунлиги 3000 метр ва эни 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаклари ва учта самолёт тўхташ жойи учун перронни ўз ичига олган, янги 4E тоифали аэродром мажмуаси қурилди.
Ўзбекистон халқаро аэропортлари