Айрим ташкилотлар судларга мурожаат қилишда давлат божидан озод этилади

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ва Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига енгиллик берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллашди.
Қонун билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божини тўлашдан озод этиш назарда тутилмоқда.
Амалдаги "Давлат божи тўғрисида"ги қонуннинг 8, 9 ва 10-моддаларида қўмита ҳамда унинг ҳудудий органлари – ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинган.
Таъкидланишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорларига нисбатан берадиган шикоятлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат божини тўлашдан озод қилинмаган деган важлар билан юқори инстанция судлари томонидан қайтарилиши ҳолатлари юзага келмоқда.
Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар ва маъмурий судларга даъво ариза, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилинганда давлат божидан озод қилиниши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар қонуннинг қабул қилиниши давлат органларига судларга мурожаат қилиш учун ажратилган давлат божи тўловидан тежалган маблағларни тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш учун йўналтиришга хизмат қилишини таъкидлашди.