Давлат тилини ривожлантириш департаментига янги мудир тайинланди

Шоир Нодир Жонузоқ Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Нодиржон Холбўтаев (Нодир Жонузоқ) Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Шоир Нодир Жонузоқ 1976 йилда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган. Кўп йиллар "Ёшлик" журналига бош муҳаррирлик қилган.
У 2018 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари, 2019 йил декабридан уюшма раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.
2022 йилнинг апрель ойи ўрталарида президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Ўша йилнинг декабрида Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари лавозимига қайтди.
Давлат тилини ривожлантириш департаменти илк бор 2019 йил 21 октябрда, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги кунида ташкил этилган. 2022 йилда департамент Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментига айлантирилган. Кейинчалик мазкур тузилма президентнинг маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармони билан бекор қилинган. 4 ой ўтиб Давлат тилини ривожлантириш департаменти Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида қайта ташкил этилди.
Департаментнинг асосий вазифаларидан бири давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратини жорий этишдан иборат.