ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Хориждаги ўзбек дипломатлари ипак маҳсулотлари экспорт ҳажмини оширишга ёрдам бермоқчи, дея хабар берди "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси.
Уюшма Ўзбекистоннинг Хитой ва Туркия давлатларидаги элчихона ҳамда консуллик вакиллари иштирокида учрашув ўтказди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Хитой ва Туркия давлатларидаги элчихона ҳамда консулликлари кўмагида шу йилнинг ўзида ипак маҳсулотлари экспорт ҳажмини 110 млн долларга етказиш мақсад қилинган.
Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчисининг сўзларига кўра, ўзбек ипак маҳсулотларига Хитой бозорида талаб юқори. Шундан келиб чиқиб, кадрлар малакасини ошириш мақсадида ўқув семинарлари, йирик масштабга эга ипакчилик кўргазмаларини ташкил этиш орқали янги ҳамкорлар ҳамда янги инвестицион лойиҳаларни тизимга жалб этиш чоралари бўйича ўз таклифларини билдириб ўтди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консули қайд этишича, Бурса вилоятида ипак павильони мавжуд ҳамда мазкур павильонда ҳар икки давлат тадбиркорлари учун манфаатли бўлган ипакчилик кўргазмасини ташкил этиш керак.
“Бу орқали ўзбек ипак маҳсулотларига янги ҳаридорлар топиб, уни Туркия давлатига экспорт кўламини ошириш ҳамда қошма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги инвесторларни жалб этишга эришиш мумкин”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 5-6 йил олдин ипак маҳсулотлари экспортида қарийб 20 млн долларга яқин тушумлар бўлган бўлса, мазкур кўрсаткич 2022 йилда 100 млн долларга етказилган.