ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Собиқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва 2022 йил декабридан буён Марказий Осиё халқаро институти директори сифатида ишлаб келган Владимир Норов нафақага чиқди. Бу ҳақда дипломат ўзининг Twitter`даги саҳифасида маълум қилди. Бу маълумотни институт вакили Sputnik мухбирига тасдиқлади.
“Давлат муассасалари ва хорижий дипломатик миссиялардаги 45 йиллик фаолиятимдан сўнг нафақага чиқишга қарор қилдим. Қароримни қўллаб-қувватлагани учун президент Шавкат Мирзиёевдан чин дилдан миннатдорман" — деб ёзган Норов.
Дипломат ўрнатган барча алоқаларидан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини илгари суриш, мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш, Ўзбекистон ва Марказий Осиё иқтисодиётига инвестициялар, инновацион технологиялар ва рақамли ютуқларни жалб қилиш учун фойдаланиш ниятида эканини таъкидлади. Бунинг учун у “Silk Road Advisory” консалтинг компаниясини ташкил этган.
Норов 1955 йилда Бухоро вилоятида туғилган. 1972—1976 йилларда Бухоро педагогика институтида таҳсил олган, 1983−1985 йилларда Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирлиги академияси тингловчиси бўлган. 1978 йилдан 1992 йилгача ички ишлар тизимида фаолият юритган.
Шундан сўнг Президент девонига ишга ўтиб, 1995 йилда ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари (бу лавозимда 2010−2013, 2021−2022 йилларда ҳам ишлаган) этиб тайинланган. Бундан ташқари, турли йилларда президентнинг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг Германия, Бельгия (ўриндошлик асосида Польша ва Швейцария)даги элчиси бўлиб фаолият юритган.
2006 йилдан 2010 йилгача Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилган.
2013−2017 йилларда Ўзбекистоннинг Бенилюкс (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург иқтисодий иттифоқи) мамлакатларидаги элчиси, 2017 йилдан 2019 йилгача Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
2019 йилдан 2021 йил охиригача Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бош котиби, 2021 йилдан 2022 йилгача ташқи ишлар вазири ўринбосари, биринчи ўринбосари вазифаларида фаолият олиб борган.
2022 йил 27 апрелдан 30 декабргача яна ташқи ишлар вазири бўлган. 2022 йил 30 декабрда Марказий Осиё халқаро институти директори этиб тайинланган.
Норов 2003 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланган.