ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Сурхондарё вилоятида йўловчи поезди "Жигули"ни уриб кетди. Бу ҳақда Транспорт ва туризм объектларида хавсизликни таъминлаш департаменти хабар қилди.
Ҳодиса, бугун, 21 июнь куни, соат 08:10 ларда рўй берган. Маълум қилинишича, 6376-сонли Термиз-Сариосиё йўналишида шаҳарлараро қатновчи йўловчи поезди Қумқўрғон-Элбаян темир йўл бекатлари оралиғида кетаётган вақтида бу бекатларнинг 10-пикетида жойлашган қўриқланмайдиган кесишмасидан "ВАЗ-2107" автомашинасини уриб юборган. Воқеага машина ҳайдовчиси М.М.нинг эҳтиётсизлиги сабаб бўлган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Йўловчи поезди соат 08:12 да тўхтаб, соат 08:50да ўз ҳаракатини давом эттирган.