ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Зангори ёқилғи нархи яна кўтарилди — ҳар минг кубометр учун 500 доллардан юқори нархни ташкил қилмоқда. Сабаби — иссиқ ҳаво туфайли энергия сарфи кескин ошди. Бундан ташқари, кутилмаган янгилик: қитъадаги энг йирик Гронинген газ кони бутунлай ёпилмоқда. Европанинг юзлаб корхоналари, шу жумладан, Россияга қарши санкциялар туфайли ҳали ҳам ишламаяпти. Европада саноатсизланиш ҳақида гапира бошладилар.
Қисқарган ҳажм
"Bloomberg" агентлигининг хабар беришича, Гронингенда қазиб олиш ишлари энди тикланмайди. Нидерландия ҳукумати шундай қарорга келди.
Бозор дарҳол муносабат билдирди: табиий газ нархлари 1000 куб метр учун 560 долларгача кўтарилди — бу март ойи охиридаги кўрсаткич.
Газ кони 4 ойдан сўнг — 1 октябргача ёпилади. Минтақа учун экологик зарар жуда катта. 2012 йилдан бери Гронинген яқинида яшаш учун хавфли бўлган уч мингдан ортиқ уйлар бузиб ташланган. Ҳукумат жабрланганларга 30 йил давомида 22 миллиард евро товон пули тўлашга ваъда берди.
Гронинген конида 1963 йилдан бери иш олиб борилган. Бу Ғарбий Европа учун энг муҳим манбадир. Бироқ, қазиб олиш ишлари узлуксиз равишда камайиб борди. 2013 йилда у 53,9 миллиард куб метрни ташкил этган эди, ёдга олди молиявий таҳлилчи Марк Гойхман. 2021 йилда эса "Nederlandse Aardolie Maatschappii" нашри маълумотларига кўра, ҳажм 6,5 млрд ни ташкил қилган. Қитъада умумий газ истеъмоли 480 млрдни ташкил этади.
15 июнь куни содир бўлган жиддий ўзгаришлардан сўнг котировкалар тушиб кетди. Шунга қарамай, сўнгги йилларда Гронингеннинг ҳиссаси унчалик катта эмас — икки фоиздан кўп эмас эди. Албатта, бу танқидий эмас. Суюлтирилган газ, тежамкорлик ва бошқа чоралар ёрдам беради. Ҳа, Европа омборлари ҳам 78 фоизга тўлиқ ҳолда. Бироқ бозор муҳити кескин ҳолатда.
Таъминот муаммолари
Иссиқлик туфайли Эски Дунёдаги кондиционерлар тўлиқ қувват билан ишламоқда, электр энергиясига талаб кескин ошди.
Суюлтирилган газ заводларида техник хизмат кўрсатиш мавсуми ва Норвегия шимолидаги "Hammerfest" заводидаги авария ҳам вазиятга таъсир қилди.
У ердан июль ойининг ўрталарига қадар экспорт чекланган. Бу ноаниқликни кучайтиради, чунки Норвегия Россия импорти қисқарганидан кейин муҳим етказиб берувчига айланди, қайд этди "Bloomberg".
Мустақил саноат эксперти Леонид Хазанов таъкидлаганидек, бу ҳолат Европа учун яхшиликни ваъда қилмайди.
“Гронинген Нидерландияда ички истеъмол учун муҳим эди. Энди улар қолганлари каби импортга боғлиқ. АҚШ, Қатар, Нигерия, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларда харидларни кўпайтиришга тўғри келади”, деб тушунтирди эксперт.
Котировкалар эса яна ўсишни бошлаши мумкин, бу эса Европада энергия инқирозининг янги босқичини келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблайди Хазанов.
Саноатсизланиш тренди
Бундан биринчи навбатда реал сектор зарар кўради. Ўтган йил давомида Европа Иттифоқида энергия талаб қиладиган саноат корхоналари ресурсларнинг юқори нархи туфайли ёпилган эди. Хусусан, "Slovalco" (алюминий), "Budel" (рух) ва ANWIL (ўғитлар), кимёвий гигант "Chimcomplex" фаолиятдан тўхтаган.
Кўпчилик ўз фаолиятини АҚШ ва Хитойга кўчирди — кенг кўламли саноат миграцияси бошланди.
Европа Иттифоқининг яшил курси ҳам бунга ҳисса қўшди. Экологик чекловлар, шунингдек, энергия нархининг ошиши ё ишлаб чиқаришни қисқартиришга ёки уни чет элга кўчиришга мажбур қилади. Масалан, 2022 йил октябрь ойида дунёдаги энг йирик кимёвий концерн BASF Европада иш ҳажми камайганини эълон қилди.
“Захиралари триллион долларга баҳоланган коннинг ёпилиши Шимолий-Ғарбий Европа саноатига, жумладан, Германиянинг Рур ҳавзаси саноатига янада салбий таъсир кўрсатади. Бенилюкс давлатлари, Германия ва Польша энг кўп зарар кўради. Газ танқислиги Норвегия, Қатар ва АҚШ дан юқори нархларда импорт қилиш орқали қопланиши керак — дейди "Сapital Lab" ҳамкори Евгений Шатов.
Натижада, европалик сиёсатчилар кузда гапира бошлаган саноатсизланиш жараёни тезлашади.
“Ер ости захиралари тўла, аммо улар ҳам тугаш хусусиятига эга. Бу ҳолатда иккита йўл бор: Россия билан газ соҳасида нормал ҳамкорликни тиклаш, ёки барча янги корхоналар — йирик табиий газ истеъмолчиларини ёпиш”, — фикр билдирди Хазанов.
Сapital Lab, шунингдек, европаликлар ўзларининг яшил режаларида бутунлай саросимага тушиб, ўзларини боши берк кўчага олиб кирганини таъкидлайди. Агар энергия инқирози кучайса, Нидерландия ҳукумати ўз фикрини ўзгартириши ва Гронингенни ривожлантиришга қайтиши мумкин. Аммо кейин, биринчи навбатда, инфратузилмани янгилаш учун катта инвестициялар талаб қилинади. Иккинчидан, бу сценарий Европа Иттифоқининг углерод ёқилғисидан воз кечиш кун тартибига зид келади.