ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Ўзбекистонда бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланганлик учун жавобгарлик оширилади.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида “Ҳисоб палатасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, мазкур қонун Ҳисоб палатасининг фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш, унинг бюджет маблағлари устидан тизимли назорат ўрнатиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган.
Қонун билан давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ва раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча қоидалар киритилмоқда.
Жумладан, бюджет ташкилотларининг, бюджет маблағларини олувчиларнинг, давлат мақсадли жамғармаларининг ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг мол-мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш аниқланган тақдирда Ҳисоб палатаси томонидан маъмурий жаримага тортилиши белгиланмоқда.
Қонун билан “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, палата фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисида жамоатчилик олдида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ҳисобот бериб бориш тизими жорий қилинмоқда.