Ўзбекистонда болаларни биринчи синфга юбориш учун қандай рўйхатдан ўтказиш керак

Жорий ўқув йилида мамлакатимиз бўйлаб 730 мингдан ортиқ болалар биринчи синфга боради. Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлигининг онлайн тизимида болаларни рўйхатга олиш жараёни бошланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Ўзбекистонда 20 июнь куни биринчи синфга ҳужжатлар қабули бошланди, хабар берди Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги. Болалар 1-синфга икки босқичда қабул қилинади. 20 июндан 31 июлгача – микроҳудудлар доирасида, 1августдан 15 августгача эса микроҳудуддан ташқарида ҳужжатлар қабул қилинади.
43 та туманларда (шаҳар)да 1-синф учун ҳужжатлар давлат хизмати орқали электрон шаклда топширилиши керак.
“Бундай ҳолатда, 20 июндан бошлаб ота-оналар my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, ариза топширишлари керак”, — дейилади вазирлик хабарида.
Тизимга кириш ва рўйхатдан ўтиш учун шахсий телефон рақамлари киритилади. Кейин сўралган бўш майдонлар тўлдирилади. Масалан, қариндошлик даражасини (она ёки ота), боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини кўрсатиш ва мактабни танлаш жоиз.
Қолган ҳудудларда ҳужжатлар тўғридан-тўғри таълим муассасасида қабул қилинади, болалар мактаб маъмурияти томонидан вазирликнинг электрон тизимида (adm.maktab.uz) рўйхатга олинади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги “Таълим тўғрисида”ги қонунга (9-модда) мувофиқ, болалар 7 ёшга тўлган йили мактабга қабул қилинишини эслатиб ўтган. Шундай қилиб, бу йил 2016 йил 1 январдан 31 декабргача туғилган болалар биринчи синф ўқувчилари бўлади.
Электрон қабул жараёни бўйича қўшимча маълумотларни вазирликнинг ахборот-маркази (71) 203-07-04 рақами орқали ёки @Mymaktab_uz Telegram расмий канали орқали олиш мумкин.