Ўзбекистон ва Эрон қўшма логистика марказини барпо этади

Ўзбек миллий ташувчиларидан ундирилаётган йиғимларни паритет асосида камайтирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Ўзбекистон ва Эрон қўшма логистика марказини барпо этади. Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг Эрон йўл ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базрпош билан учрашувида тегишли келишувга эришилди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабарига кўра, учрашувда томонлар “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон” уч томонлама мультимодал транспорт коридорини ривожлантириш ва фойдаланиш бўйича ўзбек томонидан тақдим қилинган битимни тез орада келишишга эришишган. Автомобиль транспортида юк ташувлари жараёнида Эрон томонидан ўзбек миллий ташувчиларидан ундирилаётган йиғимларни паритет асосида камайтириш, шунингдек, ёқилғи солиғи йиғимларини ҳам бошқа давлатларники билан тенглаштириш бўйича келишувга эришилган.
Шунингдек, вазирлар юк ташувлари ҳажмини кескин ошириш мақсадида Эрон – Ўзбекистон логистика марказини барпо этиш, қолаверса, Эрон ҳудудида жойлашган Чобаҳор ва Бандар-Аббос портлари ҳудудида ўзбек тадбиркорлари иштирокида терминаллар ва омборлар қуриш хусусида келишиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 июнь куни расмий ташриф билан Эронда бўлди. Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Иброҳим Раисий икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар. Бундан ташқари, ташриф доирасида ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудлар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди.