Ўзбекистон Қатар билан ўзбек алломалари қўлёзмаларини ўрганади — фото

Маданият ва туризм вазири Қатар миллий кутубхонасида сақланаётган Ибн Сино ва Мусо ат-Термизийларнинг қўлёзмалари билан танишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. Ўзбекистон Қатар билан ўзбек алломалари қўлёзмаларини ўрганишга келишиб олди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков Қатар миллий кутубхонаси фаолияти ва Ибн Сино ва Мусо ат-Термизийларнинг қўлёзмалари билан яқиндан танишди.
Қатар миллий кутубхонаси
Танишув давомида кутубхона президенти Ҳамад бин Абдулазиз Ал-Кавари Қатар миллий кутубхонасининг тарихи, бугунги фаолияти, режалар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, ислом маданияти ривожида Имом Ал-Бухорий, Ибн Сино, Ал-Хоразмийларнинг ўрни катта эканини таъкидлаб, Ўзбекистондаги мавжуд қўлёзмалар, илмий асарларни ўрганиш, тадқиқ этишга катта эҳтиёж борлигини қайд этди.
Қатар миллий кутубхонаси
Унинг сўзларига кўра, кутубхона фаолиятининг энг муҳим вазифалардан бири бу қадимий қўлёзмаларни излаб топиш, ҳаттоки шахсий коллекция ва ауционлардан сотиб олиш ва жамлашдан иборат.
Қатар миллий кутубхонаси
Қатар миллий кутубхонаси билан қуйидаги келишувларга эришилди:
Қадимий илмий асарлар, қўлёзмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш;
Кутубхонанинг узоқ йиллик тажрибасидан фойдаланиб қадимий ва ноёб асарларнинг ноқонуний ҳаракатини аниқлаш;
Асарларни қайтариш бўйича технологик ва услубий ечимлар юзасидан тажриба алмашиш.
Қатар миллий кутубхонаси
Маълумот учун, Қатар миллий кутубхонаси Қатар таълим, фан ва жамиятни ривожлантириш жамғармасига қарашли нотижорат ташкилот. Зиё маскани Форс кўрфази минтақасида 1962 йилда энг биринчи ташкил этилган кутубхоналардан бири ҳисобланади.
Қатар миллий кутубхонаси
Кутубхона фондидан 1 миллиондан ортиқ китоблар ва 500 мингда ортиқ электрон китоблар, даврий нашрлар ва газеталар ҳамда махсус тўпламлар жой олган.