Мирзиёев Эронга боради — ташриф давомида қандай масалалар муҳокама этилади?

Давлат раҳбари Иброҳим Раисий ва Олий диний раҳбари оятуллоҳ Сайид Али Хоманеий билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисийнинг таклифига биноан 18 июнь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Давлат раҳбари Теҳрон шаҳрида Иброҳим Раисий ва Олий диний раҳбари оятуллоҳ Сайид Али Хоманеий билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Музокараларда Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ҳамда устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилади.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти ушбу мамлакат йирик илм-фан ва ишлаб чиқариш муассасаларининг маҳсулотлари намойиш этиладиган “Эроннинг инновациялар ва технологиялар соҳасидаги ютуқлари” номли кўргазмага ташриф буюради.
Ташриф доирасида ҳар томонлама амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.