ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Россия томонидан Киевдаги Бош разведка бошқармаси штаб-квартирасига ракета ҳужуми натижасида яраланди, деб хабар берди РИА Новости агентлигига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими.
“Россия хавфсизлик кучларига Украина Бош разведка бошқармасидаги манбалардан олинган маълумотларга кўра, Кирилл Буданов 29 май куни эрталаб Россия томонидан Киевдаги Рибалский оролида жойлашган Бош разведка бошқармаси биносига берилган зарбаси вақтида яралангани маълум бўлди. Россия ракетаси Буданов бўлган қўшни кабинетга зарба берди”, — деди у.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Будановни вайроналар остидан олиб чиқишган, шундан сўнг у вертолётда Польшадаги Жешув ҳарбий базасига, у ердан эса кейин Рамштайн авиабазасидан АҚШнинг 86- ҳарбий ҳаво тиббий гуруҳининг C-21А самолёти билан Берлинга эвакуация қилинган. Парвоз Flightaradar хизмати маълумотларида ҳам сақланиб қолган.
Украина ҳарбий разведкасидаги манбалар Буданов даволанаётган аниқ жойни айтишди - бу Берлиндаги Бундесвер касалхонаси, Шарнхорстрассе, 13. Унга кўра, “ГУР” раҳбари ҳозирда оғир аҳволда эканлиги ҳақида маълумотлар бор.
29 май куни Россия Мудофаа вазирлиги Украина аэродромлари, қўмондонлик пунктлари ва радиолокация постларига йирик ракета зарбаси берилгани ҳақида эълон қилди. Украина каналлари Киев аҳолисига таяниб, Рибалский оролидаги Бош разведка бошқармаси идораси ҳудудига ракеталар учиб келгани ҳақида ёзган, у ерда транспорт ҳаракати тўсиб қўйилганди. Эртаси куни Олий Раданинг собиқ депутати Илья Кива разведка штаб-квартираси йўқ қилинганини эълон қилди.
Шу билан бирга, 29 майдан бошлаб Буданов омма олдида кўринмаяпти. Ўша куни соат 15:20 да у ўзининг Telegram-каналида Москвани ракета зарбаларига жавоб бериш билан таҳдид қилган видеони жойлаштирган. Flightradar маълумотларига кўра, самолёт Будановни олиб кетиш учун бир неча соат аввал ҳавога кўтарилган, бироқ видеодан қачон суратга олингани аниқ эмас. Киевда улар Будановнинг ўлими ҳақидаги тарқалаётган хабарни рад этишди, аммо унинг жароҳати, қаерда ва қандай ҳолатда эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот беришмади.