Тошкентда аттракциондан йиқилиб тушган икки кишининг ҳолати оғир — прокуратура

Боғда назоратчи фуқароларнинг хавфсизлик камари тақилганлигини текширмасдан, аттракционни ҳаракатга келтирганлиги аниқланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Тошкентдаги “Анҳор Локомотив” боғида аттракционга учиш учун чиққан икки шахс йиқилиб тушиб, тан жароҳати олди, дея хабар берди Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсудинов.
24 ёшли эркак ва 29 ёшли аёл 12 июнь куни “Мельница” аттракционига учиш учун чиққан ва 7-8 метр баландликдан йиқилиб тушган.
Назоратчи фуқароларнинг хавфсизлик камари тақилганлигини текширмасдан, аттракционни ҳаракатга келтирганлиги аниқланган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, аттракциондан йиқилган фуқароларнинг ҳолати ўрта оғир даражада.
Бахтсиз ҳодисадан сўнг тез ёрдам бригадаси келгунга қадар Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган. Тез тиббий ёрдам етиб келгач, жароҳат олган фуқаролар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилган.
Муассасада беморлар зудлик билан шок залига олиниб, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган.
Жароҳат олган 1999 йилда туғилган беморга “Кататравма. Қўшма шикастланишлар. Бош мия ёпиқ жароҳати. Ўрта даражадаги мия шикастланиши. Бош мия пешана қисми контузион ўчоқ. Чап елка суяги катта бўртмачасининг ёпиқ синиши. Чап тос суяги бошчасининг ёпиқ чиқиши. Чап елка бўғими дисторсияси. Чап юқори қовоқ, чап қўлтиқ соҳаси, чап периорбитал соҳаси юмшоқ тўқималари,чап елка соҳаси, чап кўкрак соҳаси юмшоқ тўқималар шикастланиши, тери ости қон қуйилиши” ташхиси қўйилиб, тегишли даво молажалари тайинланган.
1993 йилда туғилган беморга эса “Кататравма. Умуртқа ёпиқ шикастланиши. Дурал қопчаси эзилмаган, орқа мия функцияси бузилмаган ҳолда умуртқа поғонаси суяклари VL1-VL2 таначаларининг I даражали компрессион синиши. Умуртқанинг бел қисми дисторсияси. Бел соҳаси юмшоқ тўқималарининг шикастланиши” ташхиси қўйилган.
Беморлар айни пайтда нейрохирургия бўлимига ётқизилган бўлиб, аҳволи ўрта оғир даражада. Нафас олиш ва гемодинамик кўрсаткичлари барқарор. Улар шифохонада белгиланган даво стандартлари асосида даволанмоқда.