ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Ўзбекистон ҳамда Тринидад ва Тобаго республикаси ўртасида дипломатия муносабатларини ўрнатиш бўйича Қўшма коммюнике имзоланди, деб ёзмоқда “Дунё” АА.
Бу Ўзбекистон дипломатия муносабатларини ўрнатган 144-мамлакат бўлди.
Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги (БМТ) доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов ҳамда Тринидад ва Тобагонинг БМТдаги доимий вакили Деннис Френсис имзолашди.
“Тринидад ва Тобаго ҳамда Ўзбекистон дунёга ва халқаро ҳамжамиятга дипломатия муносабатларини ўрнатиш қарорини расман эълон қилган кун келганидан мамнунман. Биз Тринидад ва Тобагода буни Марказий Осиё минтақасининг муҳим аъзоси бўлган Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг ибтидоси, деб биламиз”, - деди Деннис Френсис.
Томонлар ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини қидириб топиш бўйича икки томонлама алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.
"Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси мамлакатлари билан ҳамкорлигини фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди", - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Тринидад ва Тобаго - Жанубий Американинг Шимолий-Шарқий қирғоғида жойлашган давлат. Британия Ҳамдўстлиги ҳамда Америка давлатлари ташкилотининг аъзоси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Ўзбекистон Сьерра-Леоне Республикаси билан дипломатия алоқаларини ўрнатган эди.